
«Sevgi bilan g’olibman har on!» She’riy to’plami
БОҒ КЎЛИДА
Кўлда ўйнар эди тўлин ой,
Жамолини тўлқин оқизар.
Баъзан ором олганда тўлқин,
Ой ёзарди яна зебу зар.
Мен кўлдаман, кўк денгизда ой
Бирга-бирга мен билан сузар.
Дилда алам, олам орзулар,
Толеимда мен билан зафар.
Умид эрур ўчмас қуёшим,
Кўзларимга нури қуйилар.
Бағрим баҳор, мунаввар ҳаёт
Мудом менга ўз умрин улар.
Бахтим байроқ севинч – тантана,
Боғда бахтиёрлар тўйидир.
Чаман кезиш, сайри боғ этиш,
Ҳар юракнинг ширин ўйидир.
1942 йил, июнь
БАЙРАМ ТОНГИ
Кундузини қуёш уйғотар,
Шуъласини кўриб тонг отар.
Шуъла билан нурафшон ҳаёт,
Жамолини мудом бойитар.
Нур манбаи машриқ мунаввар,
Тун бетига мудом тонг ёзар.
Дил мулкида мўътабар ўлка
Тонги отар ҳусни зебу зар.
Ўлкам тонги нақадар гўзал!
Ҳусн берар оламга азал.
Жамолига ошиқ бўлиб кун,
Диёримни безар, бериб ҳал.
Кенг ўлкамда байрам – тантана,
Дилларда завқ қилар пўртана.
Ҳар кун байрам, ҳияпирар байроқ.
Хитоб этар оламга яна.
Шу ўлкада башарий тилак,
Шунда орзу юксалар, ўсар.
Қонли жангда қилдик ғалаба,
Бахтли кунга бўлиб муяссар…
Самарқанд, 1945 йил
ЎЛКАМ
Юракда ишонч уйғотган
Ватан – боғим, ҳузуримдир.
Ҳаётимни бол қилиб берган,
Ки, бахт тоғим, ғуруримдир.
Ғуруримсан, азиз ўлкам,
Сен илҳомим, суруримсан.
Юзимга сен зиё бердинг,
Кўзимда чақнаган нуримсан.
Бўлур кўз-кўз жаҳонларга,
Шараф-шоним ва донғимсан!
Ҳаёт бердинг ва онг бердинг,
Ки, бахтимсан, чиройимсан.
Ёзар япроқ улуғ орзу.
Кулар иқболи ойимсан.
Бўлур мўл нозу неъматлар,
Оқар чашмаю сойимсан.
Қуёш, Ойга ҳусн берган
Баҳор, гул чиройимсан,
Олов илҳому онгимсан!
Чаман ўлкам, қуёш ўлкам,
Баҳор бўлиб ўтар йиллар.
Боғу бўстон, тоғи кўркам,
Ўсар райҳону жамбиллар.
Ҳаётнинг бунда завқи бор,
Фароғатда яшар эллар.
Турмушнинг завқ-лаззатини
Куйлагай, армони йўқ диллар.
Илҳом топар дилда, ўлкам,
Сен қўшиғу оқ тонгимсан!
Самарқанд, 1940 йил, 12 февраль
ҒУНЧА
I
Менга, гўзал, юбординг,
Оқ шоҳидан рўмолча.
Рўмолчага солинган
Кўп чиройли бир ғунча.
– Ғунча,– дебсан,– иккимиз –
Меҳр қўйган чин ҳаёт.
Ғунчани узмоқ истар,
Ажал олиб келган ёт.
Ғунчани қил ҳимоя,
Жоним, сендан сўроғим.
Мен – бир чаман, сен – боғбон,
Асра, уни чироғим.
II
Зафар учун яшайман,
Жангда туғилсин иқбол.
Ўн еримдан ўқ есам,
Ёв олдида бўлмай лол.
Жанг ичида, гўзалим.
Олов бўлиб ёнаман.
Ажал келтириб ёвга,
Тўлқин бўб тўлғонаман.
Меҳр қўйган чин ҳаёт –
Сен юборган гулғунча.
То ўлгунча асрайман,
Гул бўлиб очилгунча.
Ғарбий-шимолий фронт, 1942 йил, 6 ноябрь